Президент хориждаги ўзбек ёшларини қайтариш учун янги тизим яратилишини қайд этди. «Юксак билим ва малакага эга ёшларимизни Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз», — деди у. Улар раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида кўрилади, уй-жой ва муносиб маош билан таъминланади.
Ўзбекистон президенти ёшлар билан учрашувда янги ўқув йилидан бошлаб таълим кредити 14 фоизда 7 йилга берилишини маълум қилди. Шунингдек, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандларига ОТМда ўқишнинг биринчи йили учун контракт бюджетдан тўлаб берилиши айтилди.
Президент Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида фаол ёшлар юқори ва қуйи палата аъзоларига бириктирилиши, маҳаллий кенгашларда ҳам ёшлар парламенти ташкил этилишини маълум қилди. «Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизлар парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз», — деди у.
Президент Шавкат Мирзиёев «Ёшлар дафтари» орқали кредит олиб, ўз ишини бошлаган қизга мактуб йўллади. Давлат раҳбари мактубида Азиза ва унинг онасига 3 хонали уй берилишини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали суҳбати бўлиб ўтди. Етакчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви Туркманистонда бўлиб ўтишини ҳамда Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳоқама қилдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти Фуат Октайни қабул қилди. Томонлар Тошкентда бўлиб ўтадиган Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишига тайёргарликлар масалаларини муҳокама қилишди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев бугун Туркия Республикаси Вице-президенти Фуат Октай билан учрашади. 29 июнь куни давлат активларини хусусийлаштириш жараёнлари, 1 июль куни узум етиштириш ва қайта ишлаш масалалари бўйича тақдимотлар ўтказилиши мўлжалланган. Шунингдек, ҳафта давомида республика ҳудудларига амалий ташриф ҳам режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокимидан маҳаллаларни ободонлаштириш ишларининг сусткашлиги сабабларини сўради. «Тўғрисини айтсам, биз сиз қўяётган талаб даражасида ишлашга улгурмай қоляпмиз», деди Жахонгир Ортиқхўжаев ва барча масалаларни 1 октябрга қадар ҳал қилишга ваъда берди. Президент шошқалоқликдан қочиш ва иш сифатига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев метрополитен алоҳида энергия тизимига эга бўлишини маълум қилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, метрода тез-тез учрайдиган носозликларни бартараф этиш учун қиймати 40 миллиард сўм бўлган алоҳида подстанция сотиб олинмоқда.
Янгиҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида чиқинди сувларни тозалаш учун президент янги оқава сув тозалаш иншоотини қуришни таклиф қилди. Ушбу ҳудудларда яшовчилар бир неча ойдан бери ёқимсиз ҳиддан шикоят қилмоқдалар.
Ўзбекистон президенти видеоселекторда қўшниларни ҳисобга олганда, мамлакат мебель маҳсулотлари бозори 2,5 млрд долларга тенглигини таъкидлади. Шу боис, 15 та ҳудудда кластер шаклидаги мебелчилик кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Қолаверса, яна 10 та ҳудудда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича КСЗлар яратилиши айтилди. «Ҳар бир доллар давлатимизга фойда келтириши керак», — деди у.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев эртага мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш юзасидан йиғилиш ўтказади. 23 июнь куни Янги Ўзбекистон университетини ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот ўтказилиши мўлжалланган. Шунингдек, ушбу ҳафтада тармоқ ва ҳудудларда инвестиция лойиҳалари ижроси ҳамда маҳаллий саноат лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор ҳам режага киритилган.
Шавкат Мирзиёев Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази ҳамда Андижон туманидаги «Андижон гуллар боғи»ни бориб кўрди. «Бундай боғларни ҳар бир туманда ташкил этиб, аёлларга гул етиштиришни ўргатиш керак. Бу орқали «аёллар дафтари»га кирган хотин-қизларни ишли, даромадли қилиш мумкин», — деди давлат раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 1 мартдан бошлаб Андижон шаҳри таркибида «Янги Андижон» тумани ташкил этилишини маълум қилди. «Янги Андижонда „Дамас“ бўлмайди. У ерда ер усти ёки ер ости метросини қуриш бўйича ҳисоб-китоблар қилинади. Маъқулини қурамиз», — деди давлат раҳбари. Янги Андижон лойиҳасининг коммуникация тармоқларини қуришни бошлаш учун 100 млн доллар ажратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида иқтисодий комплексда ишловчи 5700 нафар ходимнинг барчаси ишдан бўшатилишини маълум қилди. «Уларга 3 ой синов муддати берилади, агар аравани торта олса, ишга тикланади, ойлигини ҳам берамиз, керак бўлса мукофот ҳам берамиз», — дея қўшимча қилади президент.
Шавкат Мирзиёев Андижонлик тадбиркор аёл, Умида Усмоновани «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлади. Шунингдек, унга «Микрокредитбанк» томонидан 5 млрд сўм фоизсиз кредит ажратилиши бўйича топшириқ берилди. Президент тадбиркор аёл билан 17 июнь куни Урганжи маҳалласида учрашиб, уни мукофотлашини айтган эди.
Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди. Давлат раҳбари Қурбонали Ўринбоев хонадонида бўлди. Мазкур хонадон эгасининг онаси Санобар ая Ўринбоева президентни дуо қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган олий таълимга бағишланган видеоселекторда ректорнинг дунёқараши вилоят, шаҳар ҳокиминикидан баланд бўлиши кераклигини таъкидланди. «Сифат билан шуғулланмаган, „талаба учун мен нима бера оламан“, деган саволга жавоби бўлмаган ректорнинг келажаги йўқ», — дея қўшимча қилди президент. Шунингдек, давлат раҳбари яқин-яқингача давлат олийгоҳлари монополия бўлганига ҳам эътибор қаратди.
Президент БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Амирликларнинг давлат бошқаруви тажрибаси бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган. Қолаверса, делегация томонидан Оролбўйи минтақаси бўйича янги лойиҳа таклифи билдирилган.
Урганч шаҳрида ал-Хоразмийнинг янги ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Президент ёдгорликнинг вариантлари ва уни ўрнатиш режалаштирилган жойга оид тақдимот билан танишди. Улардан бири Жалолиддин Мангуберди ҳайкали жойлашган ҳудуд ҳисобланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг